Азалий меросдан янги юксалишга
Ўзбекистон замини азал-азалдан жаҳон тамаддунлари тараққиётига беқиёс таъсир кўрсатган, уларга янги руҳ, янги мазмун бағишлаган муқаддас макон сифатида эътироф этилиб келади.

Ўзбекистон замини азал-азалдан жаҳон тамаддунлари тараққиётига беқиёс таъсир кўрсатган, уларга янги руҳ, янги мазмун бағишлаган муқаддас макон сифатида эътироф этилиб келади. Бу заминда шаклланган илмий ва маънавий мерос асрлар давомида инсоният тафаккурига йўл кўрсатиб келгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги кунда эса дунё ҳамжамияти юртимизнинг мутлақо янги босқичга кўтарилган тараққиётини диққат билан кузатмоқда, уни чуқур таҳлил этмоқда ва эришилаётган ютуқларни юксак баҳоламоқда. Ана шу изчиллик, шижоат ва қатъият самараси ўлароқ Ўзбекистон янги марраларни ишонч билан забт этмоқда. Бу юксалишнинг мустаҳкам пойдевори эса, шубҳасиз, чуқур илм, юксак маърифат ва бой маънавий меросга таянади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини теран очиб беришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда, буюк алломаларимиз қолдирган беқиёс илмий меросни қайта тиклаш, уни замонавий ёндашувлар асосида ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш устувор вазифага айланди. Хусусан, инсонни маънавий камолот сари етакловчи муҳим таълимот — тасаввуф илмига бўлган қизиқиш ва эътибор изчил ортиб бормоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар нуфузли халқаро ташкилотлар — UNESCO, ICESCO, IRCICA ҳамда Organization of Turkic States томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Юртимизда фаолият юритаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари каби илмий даргоҳлар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Улар ёш авлодни замонавий фикрлайдиган, шу билан бирга, буюк аждодларимизга муносиб бўлиб вояга етишини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Шунингдек, буюк алломалар меросини ўрганиш, улар яратган асарларни илмий-изоҳли таржима қилиш ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали ушбу бебаҳо маънавий бойлик нафақат халқимиз, балки бутун жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этилмоқда.
Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва калом илмларига оид нодир асарлар илк бор ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Айни пайтда, тасаввуф таълимоти тарихи ҳамда тариқат намояндалари меросини ўрганиш ва таржима қилиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида тасаввуф тарихи ва фалсафаси, мутасаввифлар илмий меросига бағишланган фундаментал тадқиқотлар изчил олиб борилмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг қатор нуфузли олий таълим муассасаларида тасаввуф алоҳида фан сифатида ўқитилиб, талабаларга назарий билимлар берилмоқда.
Ана шу асосда тасаввуфнинг нақшбандия, яссавия ва кубровия каби мумтоз тариқатлари, шунингдек, улар билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳларнинг обод этилиши халқаро зиёрат туризмининг изчил ўсиб бораётганидан далолат беради. Зеро, тасаввуфга бўлган эътибор шунчаки ўтмишни ёдга олиш эмас, балки жамиятда бағрикенглик, маънавий поклик ва руҳий барқарорликни қарор топтиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар ифодасидир. Бу жараён, аввало, аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий мероснинг асл моҳиятини кенг оммага етказишга хизмат қилади. Шу орқали алломаларимизнинг илм-фан ютуқларини замон билан уйғунлаштириш имконияти кенгаяди.
Ўзбекистон диёрида шаклланиб, камол топган нақшбандия, яссавия ва кубровия каби тасаввуф тариқатлари ўзининг юксак маънавий-ахлоқий ғоялари, айниқса, ватанпарварлик руҳи билан минглаб инсонлар қалбидан чуқур жой олган. Ушбу таълимотлар Қуръон ва Ҳадисга таянган ҳолда шаклланган бўлиб, тариқат пирларининг бош мақсади Пайғамбар алайҳиссалом суннатларини мустаҳкамлаш, асосий вазифаси эса бидъат ва хурофотларга қарши курашишдан иборат бўлган.
Нақшбандийлик таълимоти, айниқса, меҳнатсеварлик ғоясини илгари сургани билан алоҳида аҳамият касб этади. Унда «Дил ба ёр, даст ба кор» — яъни инсон қалби Аллоҳ билан, қўли эса меҳнат билан банд бўлиши лозим, деган ғоя илгари сурилади. Бу тамойил инсоннинг ҳалол меҳнат орқали яшаб, айни пайтда маънавий камолотга интилиши мумкинлигини исботлайди. Бундай ёндашув жамиятда ижтимоий адолат қарор топишига хизмат қилади.
Яссавийлик таълимоти эса инсонни нафсини тийган, руҳан ва қалбан пок, фикран баркамол бўлишга ундайди. Унда шариат зоҳирий амаллар орқали, тариқат қалб орқали, ҳақиқат эса инсоннинг ботиний дунёси — кўнгли орқали англаниши таъкидланади. Маърифат эса ана шу уйғунликни ҳикматлар воситасида тарғиб этади.
Кубровийлик таълимоти инсон камолотини энг олий мақсад сифатида талқин этиб, бағрикенглик ва маънавий ҳушёрликка асосланган чин инсонийлик тамойилларини илгари суради. Ушбу таълимот асосчиси Нажмиддин Кубро шариатни кемага, тариқатни денгизга, ҳақиқатни эса инжу-марваридга қиёслайди. Яъни инсон ҳақиқатга етишиш учун, аввало, шариат ва илм асосларини пухта эгаллаши, сўнгра ҳаёт синовларига матонат билан бардош бериб, маънавий камолот сари интилиши лозим. Ана шундагина у ҳақиқат дурини қўлга киритиши мумкин бўлади.
Тариқатлар, аввало, инсон нафсини жиловлай олиш, бор куч ва имкониятларни илоҳий муҳаббат йўлида сафарбар этиш, бутун вужудни руҳий камолот сари йўналтириш зарурлигини уқтиради. Ердан унумли ҳосил олиш учун уни бегона ўтлардан тозалаб, сўнг уруғ сепилгани каби, инсон ҳам аввало ботинини поклаб, кейин маънавий зикр уруғини қалбига жойлаши лозимлиги таъкидланади. Шу билан бирга, маърифат сари интилишда нафсга қарши сабр-тоқатли бўлиш, ҳалол ризққа риоя қилиш, ҳушёрликни сақлаш ва ҳалол меҳнатни ҳаёт тарзига айлантириш муҳим омил сифатида қайд этилади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро каби тасаввуф алломаларининг таваллуд саналари асосан тор доираларда нишонланган бўлса, бугунги кунда тасаввуфга, хусусан, нақшбандийлик, яссавийлик ва кубровийлик таълимотларига бўлган эътибор мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Янги Ўзбекистонда “Етти Пир”, “Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси”, “Махдуми Аъзам мажмуаси” каби йирик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида “Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу илмий мактаб ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, уларни Ватанга муҳаббат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, ёт ғояларга қарши илмий асосланган муносабат билдириш каби муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 30 май куни Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида бўлди. Ташриф чоғида нақшбандия тариқати намояндалари таълимотини чуқур ўрганиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, аждодларимизнинг инсоният мероси ҳисобланган асарларини тадқиқ этиш, муқаддас қадамжоларни обод этиш, жумладан, мажмуа ҳудудини янада такомиллаштириш, Дониёлбий мадрасасини қайта тиклаш, аллома ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида мажмуа янги қиёфа касб этиб, янада обод ва файзли масканга айланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини йирик маънавият ва маърифат масканига айлантириш ишлари изчил давом этмоқда. Бу орқали мазкур маскан, аввало, нақшбандия таълимотининг асл моҳиятини илмий асосда ёритиш, аҳоли ва хорижлик сайёҳларни “Етти Пир” зиёратгоҳлари билан яқиндан таништириш, ёшларни миллий ва диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва бағрикенг сиёсати мазмун-моҳиятини намоён этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги ПФ–68-сон Фармонига мувофиқ “Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази” ташкил этилди. Мазкур марказ қисқа вақт ичида маънавий-маърифий йўналишда салмоқли натижаларга эришди. Жумладан, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр”, “Ақидапарастлик ва радикализмга қарши курашишнинг маънавий асослари”, “Радикализм ва мутаассибликнинг салбий оқибатлари” каби долзарб мавзуларда 20 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Илмий йўналишда эса 8 та китоб ва йигирмадан зиёд илмий-оммабоп мақолалар нашр этилди. Шунингдек, марказнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида фаолиятига доир 600 дан ортиқ материал эълон қилинди.
Маданий меросни асраб-авайлаш ва тиклаш борасидаги бунёдкорлик ишлари Махдуми Аъзам мажмуасида ҳам изчил амалга оширилди. Ушбу мажмуа илк бор 1618 йилда Самарқанд ҳукмдори Ялангтўш Баҳодир томонидан масжид ва дахмадан иборат меъморий иншоот сифатида барпо этилган. Кейинчалик Бухоро ҳукмдори Амир Ҳайдар устози Муҳаммад Амин Даҳбедий қабри устига суфа-дахма қурдирган.
Мажмуада 1991, 1998 ва 2014 йилларда таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган бўлса, кейинги йилларда бу жараён янада кенг қамров касб этди. Жумладан, Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида 2025 йил март ойида мазкур мажмуани обод қилиш лойиҳаси билан танишиб, тегишли кўрсатмалар берди. Шу асосда кенг кўламли реконструкция ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Давлат раҳбарининг 2025 йил 25 ноябрдаги ташрифи давомида Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган ушбу мажмуада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Унинг ташаббуси билан зиёратгоҳ тубдан қайта тикланиб, ҳудуди кенгайтирилди ва у миллий-маънавий меросимизнинг ёрқин намунаси сифатида замонавий қиёфа касб этди. Қарийб тўрт асрдан сўнг мажмуа тарихий кўринишига яқин ҳолда қайта тикланиб, замонавий ва шарқона услуб уйғунлигида янги иншоотлар барпо этилди.
Ўзбекистонлик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида мажмуа тарихи ва у ерда дафн этилган шахслар ҳақида қимматли маълумотлар тикланди. Хусусан, Мирзо Мақсуд Даҳбедийнинг 1840–1848 йилларда ёзган “Миръотус соликин” (Соликлар ойнаси) асари асосида мажмуа харитаси қайта тикланди. Шунингдек, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Хожа Муҳаммад Ҳошим, Мусохонхожа Даҳбедий, Ялангтўш Баҳодир каби каби тарихий шахсларга оид элликдан ортиқ қабртош битиклари ўрганилди. Илгари йўқ қилинган айрим қабрлар қайта тикланиб, уларга янги қабртошлар ўрнатилди.
Мажмуа ҳудудида зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди: иккита улкан равоқли дарвоза, очиқ ва ёпиқ кўп қаватли автотураргоҳ, фаввора, дам олиш айвонлари, аёллар ва эркаклар учун замонавий талабларга жавоб берадиган таҳоратхоналар барпо этилди. Қарийб 400 йиллик масжид тўлиқ таъмирланиб, кенгайтирилди, айвон қисмига нақшинкор устунлар ўрнатилди. Аёллар учун алоҳида намозхона қурилди. Дахма қисмида Қуръон тиловати учун мўлжалланган айвон деворлари нафис нақшлар билан безатилиб, шифт қисмида шарқона услубдаги ёғоч безаклар қўлланилди. Мажмуа умумий майдони қарийб 5 гектарни ташкил этади. Зиёратчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида замонавий, кўп қаватли автотураргоҳ барпо этилди ва инфратузилма изчил равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Бугунги кунда Махдуми Аъзам мажмуасида кенг кўламли реконструкция ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Қарийб 5 гектар майдонни эгаллаган мажмуада зиёратчилар учун барча шароитлар яратилмоқда: мақбара атрофида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, иккита муҳташам кириш дарвозаси, қушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ҳамда қўшимча айвонлар барпо этилди. Бунинг натижасида мажмуа бир вақтнинг ўзида 35 минг нафаргача зиёратчини қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Ҳолбуки, илгари бу кўрсаткич атиги 5 минг нафар атрофида эди.
Мажмуа қайта тикланар экан, унинг тарихий қиёфаси асраб қолинди ва замонавий меъморчилик ечимлари билан уйғунлаштирилди. Ҳудудга турли манзарали дарахтлар, кўчатлар, гуллар экилиб, яшил майдонлар барпо этилди. Бу эса зиёратгоҳни нафақат муқаддас, балки кўнгилга ором бахш этувчи гўзал масканга айлантирди.
Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган мажмуага олиб борадиган йўллар ва йўлбўйи инфратузилмаси ҳам тубдан яхшиланди. Зиёратчилар учун қулайлик яратиш мақсадида пиёдалар учун ер ости йўли қурилди, атроф-ҳудудлар тартибга келтирилиб, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Барчаси инсон қадрини улуғлаш, зиёрат маданиятини янада юксалтиришга қаратилган.
Бундай улкан ўзгаришлар замирида, шубҳасиз, мамлакатимиз раҳбарининг илм-фан, маънавият ва миллий меросга бўлган юксак эътибори ва ғамхўр сиёсати мужассам. Диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам тинчлик, бағрикенглик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мажмуанинг қайта қад ростлаши бу фақат биноларнинг янгиланиши эмас. Бу Maҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг “Инсон меҳнати ва хизматини қадрла, зеро инсонга ношукрлик — Яратганга ношукрликдир” деган ҳикматини халқ қалбига яна бир бор жо этиш демакдир. Шу маънода, бу маскан бугун нафақат зиёратгоҳ, балки юксак маънавий тарбия ва маърифат ўчоғига айланди.
Тасаввуф алломаларининг ибратли ҳаёти, уларнинг дин ва дунё, инсон ва олам, илм ва муҳаббат ҳақидаги теран қарашлари инсониятга ислом тафаккурининг пок ва мумтоз йўлларини намоён этади. Уларнинг илмий-маърифий мероси инсон қалбида мустаҳкам эътиқод, соғлом фикр ва маънавий иммунитетни шакллантиради. Зеро, доно халқимиз айтганидек: “Оғизга тушган луқма — қалбга экилган уруғ кабидир: инсон нимани экса, албатта, ўшани ўради”.
Мехрожиддин АМОНОВ Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)






